Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида 4 июнь куни Остонадан Чимкентга кетаётган автобусда ёнғин чиқди. Йўловчилар орасида Ўзбекистоннинг беш нафар фуқароси ҳам бўлган. Бу ҳақда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълумотга кўра, Остона—Қарағанда—Олмаота автомобиль йўлининг 960-километрида автобуснинг мотор қисмида ёнғин чиққан. Ўт ўчириш хизмати етиб келгунга қадар двигатель бўлинмасидаги ёнғин ўчирилган. Қутқарувчилар автобусдаги 30 дан ортиқ одамни эвакуация қилган.
Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида барча йўловчилар эвакуация қилиниб, йўлбўйи кемпингига олиб келинди ва уларга зарур ёрдам кўрсатилди, дейилади хабарда.
Автобусда жами 34 йўловчи, жумладан, 9 нафар бола бўлган. Йўловчилар орасида 5 нафар Ўзбекистон фуқароси борлиги аниқланган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
2 март куни Қозоғистоннинг Самара—Чимкент трассасида 33 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ЙТҲга учраганди. Ўшанда ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган. Автобусдаги Ўзбекистон фуқаролари йўлнинг хавфсиз қисмида жойлашган захирадаги автобусга эвакуация қилинган эди.