Мамлакатимиз элчихонаси ва Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида бўлиб ўтган музокаралар натижаси ушбу мамлакат ҳукумати томонидан Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган "С" гепатитига қарши дори воситаларининг жорий йилдаги иккинчи партияси юртимизга олиб келинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Унга кўра, Миср томони умумий қиймати 114.829 АҚШ доллари бўлган 28 дона қутида 7440 дона "С" гепатитига қарши беғараз "Sofosbuvir-400mg" дори воситасининг 2025 йилдаги иккинчи партиясини тақдим этди.
7 июнь куни "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан инсонпарварлик кўмаги сифатида ажратилган "С" гепатитига қарши воситаларини Шарм аш-Шайхдан Тошкентга етказиб берди.
Ушбу дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморларга тақсимланади.
Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, 2023-2024 йилларда Миср ҳукумати томонидан мамлакатимизга "С" гепатитига қарши курашиш учун умумий вазни 12,4 тонна бўлган "Daclatasvir" ва "Sofosbuvir" дори воситалари 27 партияда инсонпарварлик кўмаги сифатида берилган.