Украинадаги ижтимоий кайфият ҳудудий масалаларда қатъий позицияни намоён этмоқда. Киев халқаро социология институти (КМИС) ўтказган сўров натижаларига кўра, украиналикларнинг 52 фоизи Россияга бирор ҳудудни бериш тарафдори эмас. Шу билан бирга, 38 фоиз респондент айрим йўқотишларга тайёр эканини билдирган.
Украина назорати остидаги ҳудудларни Россияга бериш ғоясига 78 фоиз қатъий қарши. Бундай сценарийни қабул қилиши мумкинлигини айтганлар — атиги 15 фоиз. Яна бир саволга жавобан 68 фоиз иштирокчи Украина ҳудудларининг Россия таркибига расмий киришини инкор этган, бу вариантни қабул қилишга тайёрлар эса — 24 фоиз.
Бироқ, Россия назоратини де-факто тан олиш (де-юре эмас) вариантида фикрлар иккига бўлинган: 43 фоиз бунга тайёр, 48 фоиз эса қарши чиққан. Тадқиқот муаллифларига кўра, тинчлик режаси хавфсизлик кафолатлари ва Украина келажаги учун муҳим бошқа шартларни ўз ичига олса, фуқароларнинг ярми унга шартсиз бўлмаса-да, маъқул кўриши мумкин.
Бу сўров Украинада тинчлик истаги ва суверенитетга содиқлик ўртасидаги нозик мувозанатни кўрсатиб турибди.