Ижтимоий тармоқларда вагон устига чиққан эркак ток уриши оқибатида ерга қулагани акс этган видео тарқалди.
Ҳолат юзасидан "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ахборот хизмати расмий муносабат берди.
Қайд этилишича, воқеа 2025 йил 10 июнь куни Андижон вилоятидаги Пойтуғ бекати ҳудудида бахтсиз ҳодиса содир бўлди.
Бегона фуқаролардан бири темир йўл станциясига ноқонуний равишда кириб, иккинчи йўлда турган бўш цистернага чиқиб олган. Вагон устида бўлган шахс контакт тармоғидаги юқори кучланиш таъсирига тушиб, ерга қулаган.
Станция навбатчи ходими ҳолатга зудлик билан муносабат билдириб, тез тиббий ёрдам чақирган. Жабрланувчига зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага етказилган.
"Ҳурматли фуқаролар! Темир йўл ва унинг инфратузилмаси яқинида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишингизни яна бир бор эслатиб ўтамиз. Темир йўл инфратузилмаси объектларига ўзбошимчалик билан кириш ҳаёт ва соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради", дейилади хабарда.