1959 йилда туғилган фуқаро ва унинг 1979 йилда туғилган ўғли яшаб келаётган Олмазор туманидаги хонадонда ўтказилган текширув давомида ертўладан умумий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этувчи 72 номдаги 3615 қути дори воситалари аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, ушбу шахслар дори воситаларини мамлакатга ноқонуний олиб кириб, уларни водий вилоятларидан арзон нархда сотиб олиб, пойтахтдаги мижозларга тарқатиб келган.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази”нинг хулосасига кўра, ушбу дори воситалари давлат реестрида қайд этилмаган, мувофиқлик сертификатига эга эмас ҳамда махсус шароитларда сақланмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 25 орқали 186³-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир чоғида Тошкент шаҳридаги дорихоналардан бирида сотиш учун сақлаб келинаётган 456 турдаги 57407 дона дори воситалари, 18 турдаги 835 дона қалбаки қутилар ва 1 дона дори тайёрлаш мосламаси топилди.
Мутахассислар хулосасига кўра, дориларнинг умумий қиймати 3,5 миллиард сўмни ташкил этади. Улардан 160 турдаги дори воситалари давлат реестрида қайд этилмаган, 274 турида сертификат йўқ, 50 тури сифатсиз ва муддати ўтган, 7 тури эса қалбаки экани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан дорихона масъуллари ва бошқа шахсларга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 186(3)-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Тегишли тергов ишлари ҳозирда давом этмоқда.