Президент Шавкат Мирзиёев 19 июнь куни Қашқадарё вилоятига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотлар соҳа ва тармоқларда ўз натижаларини бермоқда. Бутун республикада технологик “сакраш” кузатилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг беш ойида саноат 6,4 фоиз ўсган, бу соҳада экспорт 6 миллиард доллардан ошган.
Бунда Қашқадарё саноатининг ҳиссаси катта. Қарши шаҳридаги “Alp texno servis” шундай экспортчи корхоналардан бири. Қиймати 10 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа электр техникаси йўналишида глобал етказиб бериш занжирида ўрин топган. Корхона хорижий “TСL”, “HOFFMANN” брендлари учун буюртмалар тайёрлаб бермоқда. Шунингдек, маҳаллий SMART брендига асос солинган. Шу номлар остида йилига 500 минг донагача телевизор ва электрон платалар ишлаб чиқарилмоқда.
Маҳсулотлар юқори технологик, сифати ва дизайни бозор талабига мос. Шу боис 70 фоиз товарлар экспортга йўналтирилмоқда. Ўтган йили 2 миллион доллардан зиёд экспорт қилинган. Бу йилги режа 10 миллион доллар.
Давлатимиз раҳбари бу тармоқни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
- Бу соҳада тажриба орттирдик, ташқи бозорга йўл топдик. Энди бу корхонани кенгайтириш керак. Одамзот бор экан, бундай маҳсулотларга талаб бўлади. Фақат сифат ва номенклатура бўйича ўсиш, рақобатбардош бўлиш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.
Яна бир муҳим вазифа - маҳаллийлаштириш. Ҳозир корхонада бу кўрсаткич 50 фоиздан ошган. Келгусида 20 миллион долларлик яна 4 та лойиҳани амалга ошириб, чангютгич, электр чойнак, ҳаво совутгич, вентилятор ишлаб чиқариш режалаштирилган. Буларнинг натижасида йилига 30 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.
Корхонада 200 киши иш билан таъминланган. Қарши давлат техника университети билан дуал таълим йўлга қўйилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабз шаҳридаги кўп тармоқли кардиология маркази фаолияти билан танишди.
Ижтимоий давлат саналмиш Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш энг долзарб йўналишлардан бири. Шу мақсадда давлат шифохоналари ислоҳ қилиняпти, соҳага инвестициялар жалб этилиб, хусусий сектор ҳам ривожлантирилмоқда. Жумладан, бугунги кунда Қашқадарёда 700 дан зиёд хусусий клиника очилган, уларда 72 та хизмат тури йўлга қўйилган.
Россиялик тадбиркор билан ҳамкорликда ташкил этилган “Оқ сарой” клиникаси яқинда ишга тушди. Бу ерда 4 та жарроҳлик ва 6 та реанимация хоналари, 100 дан ортиқ шифо ўринлари мавжуд. Бир вақтнинг ўзида 4 та ва кунига 25 тагача юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконияти яратилган. Бунинг учун Россия, Туркия ва Кувайтдан малакали шифокорлар ишга жалб этилган. Стентлаш, аорта коронар шунтлаш, туғма нуқсонларни бартараф этиш, эндопротезлаш каби даволар самараси юқори.
Марказ юқори аниқликда ташхис хизмати ҳам кўрсатади. Масалан, замонавий эхокардиография ускунаси сунъий интеллект ёрдамида ишлайди. Бунақаси ҳозирча Ўзбекистонда ягона.
Давлатимиз раҳбари бундай инновацион клиникалар тиббиётда сифат ва дунёқарашни ўзгартириши, бошқаларни ҳам трансформацияга ундашини таъкидлади.
– Бу ердаги тизимни андоза қилиб олиб, 14 та ҳудудимизда шундай клиникалар ташкил этиш зарур. Бунга қанча маблағ керак бўлса, топамиз. Фақат замирида халқимиз учун кафолатланган сифатли даво бўлиши лозим. Муқобиллик, рақобат бўлмаса, сифатга интилиш бўлмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга бу борада таклиф тайёрлаш, клиникаларни бирламчи бўғин ва тиббий суғурта тизими билан уйғунлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шифохонада 130 та иш ўрни яратилган. Малакали мутахассислар тайёрлаш учун шу ернинг ўзида клиник ординатура йўлга қўйилган.
Президентимиз бунга алоҳида аҳамият қаратиб, талаба ва шифокорларнинг малакасини ошириш, хорижлик мутахассислар билан телемедицинани кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.
Айтиш жоизки, нотўғри овқатланиш оқибатида қашқадарёликлар орасида юрак қон-томир хасталиклари кўп учрайди. Янги клиника ва унинг қошидаги марказ ушбу касалликларни эрта аниқлаб ташхис қўйиш ва даволашда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур марказ томонидан мобиль диагностика машиналари йўлга қўйилган бўлиб, чекка ҳудудлардаги аҳолига УТТ, МСКТ, ЭКГ каби тиббий хизматларни кўрсатади.