Англиянинг “Манчестер Сити” клуби Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида БАА вакили “Ал-Айн”ни 6:0 ҳисобида тор-мор келтирди.
Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ушбу беллашувни бошланғич таркибда бошлади ва 61-дақиқагача ҳаракат қилди.
2-тур доирасида АҚШнинг Атланта шаҳрида ўтган баҳсда инглиз клуби тўлиқ устунлик қилди.
Илкай Гундўған икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. Шунингдек, Эчеверри, Ҳоланд (пенальти), Бобб ва Шерки ҳам ўз ҳисобига биттадан гол ёздириб қўйди.
Абдуқодир Ҳусанов ўйинда асосий таркибдан жой олди. У 58-дақиқада сариқ карточка олди ва 61-дақиқада Оскар Боббга алмашди.
Бу Ҳусанов учун мусобақадаги кетма-кет иккинчи асосий таркибда бошланган учрашув бўлди.
Гуруҳдаги бу ғалабадан сўнг “Сити” 6 балл билан 2-ўринга кўтарилди. “Ювентус” ҳам шунча “очко” билан гуруҳ етакчилигини давом эттирмоқда.
Ҳар икки жамоа плей-офф босқичига муддатидан аввал йўлланмани нақд қилди.
Сўнгги турда айнан “Сити” ва “Ювентус” ўзаро куч синашади. Гуруҳнинг бошқа икки жамоаси — “Ал-Айн” ва Марокашнинг “Видад” клуби учун мусобақа якунига етди: уларнинг ҳисобида очко йўқ, имкониятлар ҳам қолмаган.
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати. 2025 йил, 2-тур.
Манчестер Сити – Ал-Айн – 6:0
Голлар: Гундўған (8, 73), Эчеверри (27), Ҳоланд (45+5, пенальти), Бобб (84), Шерки (89).
Сариқ карточкалар: Забала (25), Рабиа (45+4), Ҳусанов (58)