Мамлакат парламенти халқаро босимларга қарши кескин қарор қабул қилди. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Эрон парламенти аъзолари аксарият овоз билан мамлакатнинг Халқаро атом энергияси агентлиги (Магатэ) билан ҳамкорлигини тўхтатишни маъқуллади.
Қонунга мувофиқ, эндиликда Магатэ инспекторлари Эрон ҳудудига кириб, ядро объектларини текшира олмайди. Бу ҳақда парламент президиуми вакили Алиреза Салими ИСНА ахборот агентлигига маълум қилган.
Унинг айтишича, Эроннинг ядро иншоотлари хавфсизлиги ва тинчлик мақсадидаги фаолияти кафолатланмагунча, ҳар қандай ташқи текширувлар рад этилади.
Бу қарор Магатэ раҳбари Рафаэл Гросси Эроннинг ядро объектларига, хусусан, уранни бойитиш захираларига оид текширувни талаб қилганидан сўнг қабул қилинди.
У Форсдо ядро мажмуасида олинган сунъий йўлдош суратларида портлаш натижасида ҳосил бўлган чуқурликлар яққол кўринаётганини айтган.
Гроссининг сўзларига кўра, бу ерда портловчи моддалар ишлатилгани ва марказий тсентрифугалар зарар кўрган бўлиши мумкин. Аммо ҳозирча етказилган зарарни тўлиқ баҳолаш имкони йўқ.