Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳузуридаги тезкор гуруҳ томонидан Бухоро вилояти Пешку тумани Қорақир табиий сув ҳавзасининг 1-контури ҳудудида назорат рейд тадбири ўтказилди.
Тадбирда Пешку туманида яшовчи икки нафар фуқаро электр токидан фойдаланган ҳолда ноқонуний балиқ овлаётгани аниқланди. Уларнинг қўлидан 168 дона зоғора, 10 дона лаққа ҳамда 1 дона карас балиғи ашёвий далил сифатида олинди ва расмийлаштирилди. Мазкур ҳолат табиатга етказилган умумий моддий зарар миқдори 3 миллиард 532 миллион 500 минг сўм этиб баҳоланди.
Таъкидлаш лозимки, электр токидан фойдаланиб балиқ овлаш нафақат табиатга катта зарар етказади, балки сув хавзаларидаги биологик муҳит мувозанатини ҳам бузади. Бу эса балиқлар популяцияси қисқаришига, сув ҳайвонот оламидаги турли экологик муаммоларга сабаб бўлади.
Ҳозирда содир этилган ҳуқуқбузарлик юзасидан тегишли ҳужжатлар асосида прокуратура органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.