Халқаро атом энергетикаси агентлиги (MAGATЭ) бош директори Рафаэл Гроссининг айтишича, Эрон сўнгги ойлар ичида АҚШ ва Исроил томонидан берилган ҳарбий зарбаларга қарамай, яқин ойларда уран бойитиш жараёнини яна бошлаши мумкин, дея ёзмоқда "zamon.uz".
2025 йил 13 июнь куни Исроил томонидан Эроннинг ядро ва ҳарбий объектларига ҳаводан зарба берилган эди. Исроил расмийлари бу ҳужумларни Теҳронни ядровий қуролга эга чиқишининг олдини олиш учун амалга оширганини билдирган. Кейинчалик АҚШ ҳам можарога жалб этилиб, Фордо ядро иншоотига чуқур ерости бомбаларини йўллаган.
Теҳрон эса ўзининг ядровий дастури тинч мақсадларга қаратилганини ва оммавий қирғин қуролига эга чиқиш нияти йўқлигини таъкидлаб келмоқда. Расмий маълумотларга кўра, етказилган зарарнинг аниқ ҳажми номаълум. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бу зарарни «жиддий» деб атаган, аммо тафсилотларни ошкор қилмаган.
АҚШ расмийлари зарбалар натижасида Эроннинг ядро имкониятлари “ўн йилларга ортга сурилгани”ни билдирган бўлсада, MAGATE раҳбари бу даъвога шубҳа билан қарайди. Гроссининг сўзларига кўра: “Баъзи объектлар ҳали ҳам сақланиб қолган. Эрон бир неча ой ичида, ҳатто ундан ҳам кам муддатда уранни бойитишни бошлаши мумкин”.
Кузатувчи матижаларига кўра, Эрон ҳозирда 60 фоиз даражада бойитилган 408,6 кг оғирликдаги уран захирасига эга бўлиши мумкин. Бу даража тинч энергия мақсадларидан юқори, аммо қурол ишлаб чиқариш учун зарур бўлган даражадан пастдир. Ушбу захиралар Исроил ва АҚШ зарбаларидан олдин номаълум жойга кўчирилган бўлиши мумкин, дея тахмин қилинмоқда.
Гросси бу борадаги ноаниқликларга эътибор қаратди: “Бу материаллар қаерга кўчирилгани номаълум. Бир қисми ҳужумлар чоғида йўқ қилинган, қолганлари яширин жойларга ўтказилган бўлиши мумкин. Бу борада аниқлик киритилиши лозим”.
Зарбалар ортидан Эрон парламенти МАГАТЭ билан бир қатор ҳамкорликларни тўхтатишга қарор қилди. Фордо иншоотига ташриф буюриш бўйича ташкилот раҳбарининг сўрови ҳам рад этилди.