Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Хатирчи тумани ҳокимининг хорижда истиқомат қилувчи Бухоро яҳудийларини кутиб олгани ҳақида турли талқинлар тарқалди. Хатирчи туман ҳокимлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.
Маълум қилинишича, ташриф буюрган яҳудийлар — азалий ватандошлар бўлиб, улар қачонлардир ота-боболари яшаган диёрнинг тарихий ва маданий меросини кўриш, зиёрат қилиш, шу орқали Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида келган.
“Ҳокимнинг уларни кутиб олиши халқимизга хос меҳмондўстлик ва бағрикенгликнинг ёрқин ифодасидир”, — дейилади расмий баёнотда.
Ҳокимлик маълум қилишича, мамлакатда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, жумладан яҳудий жамоалари ҳам тинчлик ва тотувликда ҳаёт кечирмоқда.
Баёнотда айрим блогер ва фойдаланувчилардан нотўғри, асосланмаган маълумотларни тарқатмаслик, ишончли манбаларга таяниш сўралган.