Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ҳокимининг ўринбосари 12 минг АҚШ доллари пора олган пайтида ушланди. У ер майдони ажратиш эвазига Тахиатош туманида фаолият юритувчи, қизилмия илдизини қайта ишлашга ихтисослашган хусусий корхона раҳбари билан келишувга борган. Бу ҳақда Даракчи.уз нашри Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳоким ўринбосари Беруний туманидан 150 гектар ерни ажратиб беришни ваъда қилган. Тезкор тадбир чоғида у ашёвий далиллар билан қўлга тушди.
Поравий жиноят Наманганда ҳам кузатилган. Косонсой туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари 24 гектар ер майдонини “таниш мансабдор” орқали бошқа шахс номига расмийлаштириб бериш эвазига 240 минг доллар талаб қилган. У олдиндан 50 минг доллар олган пайтида ушланган.
Қизиғи шундаки, у билан “ҳамкорлик” қилган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги Косонсой туман лойиҳа офиси бош мутахассиси ҳам 10 минг доллар пора билан ушланган.
Пора Андижонда ҳам тўхтамади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Андижон вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи 6 сотих ерда ноқонуний қурилган иншоот бўйича кам хулоса бериш учун 1 000 доллар олган пайтида қўлга тушди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.