АсосийДунё

Тоқаев: Қозоғистон АҚШ билан “савдо муаммоси” бўйича муросага тайёр

Қозоғистон президенти Трампнинг бож жорий этиш ҳақидаги хатига жавобан АҚШ билан адолатли ва ўзаро манфаатли савдо алоқаларини давом эттириш тарафдори эканини билдирди.

'Тоқаев: Қозоғистон АҚШ билан “савдо муаммоси” бўйича муросага тайёр'ning rasmi

Бугун, 10 июль куни Қозоғистон президенти Қосим Жомарт Тоқаев АҚШ собиқ президенти Дональд Трампга расмий жавоб мактуби йўллади.

Бу хат АҚШ томонидан 1 августдан бошлаб Қозоғистон товарларига 25 фоизлик бож жорий этилиши ҳақидаги билдиришга муносабат сифатида ёзилган.

Мактубда Тоқаев Қозоғистон Қўшма Штатларнинг узоқ йиллик ишончли савдо ва инвестицион ҳамкори бўлиб келганини эслатган.

Тоқаев ўз баёнотида “адолатли, олдиндан айтиш мумкин бўлган ва ўзаро манфаатли савдо алоқалари” тарафдори эканини таъкидлаб, “савдо масалаларининг оқилона ечимини топиш учун конструктив мулоқотни давом эттиришга” тайёрлигини билдирган.

Давлат раҳбари Қозоғистон бу борада муросага келиш мумкинлигига ишонишини ҳам алоҳида қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, 7 июль куни Трамп Тоқаевга йўллаган мактубида АҚШнинг Қозоғистон билан савдо номутаносиблигини бартараф этиш мақсадида бож чораларини кўришини билдирган.

У, шунингдек, агар Қозоғистон жавобан тариф жорий қилса, АҚШ бож миқдорини янада ошириши мумкинлигини ҳам урғулаган.

Трампнинг шунга ўхшаш хатлари бошқа 14 давлат, жумладан, Индонезия, Малайзия, Япония, Жанубий Корея ва Жанубий Африка раҳбарларига ҳам юборилган.

    Бошқа янгиликлар