Владимир Зеленский Юлия Свириденкога Украина бош вазири лавозимини эгаллашни таклиф қилди. Бу ҳақда Украина президенти ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда мамлакат бош вазирининг биринчи ўринбосари ва иқтисодиёт вазири лавозимини эгаллаб турган Свириденко АҚШ Европа ҳамкорлари билан Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича эришилган келишувларнинг бажарилиши юзасидан ҳисобот тақдим этган.
"Украинанинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаши, украиналикларни қўллаб-қувватлаш дастурларини кенгайтириши ва қурол-яроғ ишлаб чиқаришимизни кенг кўламда ривожлантириши мумкин бўлган аниқ чораларни муҳокама қилдик", — дея қўшимча қилган Зеленский.
Унинг айтишича, ҳозирда Украинада ижро ҳокимияти тизимини "трансформация қилиш" жараёни бошланмоқда, шу муносабат билан Юлия Свириденкога ҳукуматга раҳбарлик қилиш ва унинг ишини тубдан янгилаш таклиф этилган.
Аввалроқ “Суспильне” нашрининг президентга яқин манбалари амалдаги бош вазир Денис Шмигал мудофаа вазири лавозимига тайинланиши мумкинлигини маълум қилган эди. Ўз навбатида, ҳозирда мудофаа вазири лавозимини эгаллаб турган Рустем Умеров Украинанинг Қўшма Штатлардаги янги элчиси бўлиши мумкин. “РБК Украина” нашрининг ёзишича, янги ҳукумат таркибида айрим вазирликлар бирлаштирилади ва ваколатлар қайта тақсимланади.