2025 йил июль ойида АҚШда 1300 га яқин одам қизамиққа чалинди. Энг кўп ҳолатлар — 750 дан ортиғи — Техасда қайд этилган. Бу 1992 йилдан бери энг юқори кўрсаткич.
Шунингдек, сўнгги 10 йилда илк бор ушбу касалликдан 3 киши вафот этди — 2 нафар бола Техасда, 1 катта ёшли одам Ню-Мексикода. Уларнинг барчаси эмланмаган бўлган.
Болалар ўртасида эмлаш даражаси сўнгги 3 йилда 95% дан 92,7% гача тушиб кетган. Мутахассислар бунга айрим сиёсатчилар ва “антивакс” ҳаракати сабаб бўлганини айтишмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазири Роберт Кеннеди Жр. илгари вакциналар хавфли деб айтган эди. Аммо касаллик авж олгач, у фикрини ўзгартириб, эмлашни энг самарали чорадир, деб тан олди.