Фарғона вилоятида Қирғизистондан ноқонуний равишда катта миқдорда заргарлик буюмларини олиб киришга уринаётган шахс ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ахборот хизмати Darakchi.uz' маълум қилди.
Маълумотга кўра, “Водил авто” чегара божхона постида Фарғона ҳудудига кириб келаётган пайтда Андижон шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилган.
Текширув давомида шахс ўз кийимлари остидан жами 859 дона турли хил заргарлик буюми ва 1 дона қўл соатини яширинча олиб ўтишга урингани аниқланган.
Экспертлар хулосасига кўра, кимёвий таркиби тоза олтиндан иборат, бриллиант тошлар билан безатилган ушбу буюмларнинг умумий оғирлиги 4 кг 155 граммни, бозор қиймати эса 5 миллиард 213 миллион сўмни ташкил этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу қимматбаҳо буюмлар Туркиядан Қирғизистон орқали олиб келиниб, Андижон ва Фарғонадаги тахминан 10 нафар савдогар номидан Ўзбекистонга киритилиши режалаштирилган. Қўлга тушган шахсга бу учун 400 АҚШ доллари миқдорида хизмат ҳақи ваъда қилинган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” банди (Божхона назоратидан четлаб ўтиш орқали қимматбаҳо товарларни ноқонуний равишда олиб кириш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Қимматбаҳо буюмларнинг ҳақиқий эгалари аниқланмоқда.