АсосийЖамият

Каримовни судга берган собиқ ҳарбий яна қамалди

Маматқулов жорий йилда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани суди томонидан 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

'Каримовни судга берган собиқ ҳарбий яна қамалди'ning rasmi

Ўзбекистонда собиқ сиёсий маҳбус, Қуролли кучлар зобити Чўян Маматқулов яна озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

Маматқулов жорий йилда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани суди томонидан 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд унга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми — транспорт воситалари ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш айбловини қўллади.

Бу айблов замиридаги воқеа — автоҳалокат. Аммо ҳуқуқ фаоллари ва адвокатлар бу ишдаги бир қатор зиддиятларга эътибор қаратмоқда. Улар тергов жараёнида далиллар сохталаштирилгани, суриштирув бир томонлама олиб борилганини таъкидламоқда.

Маматқуловнинг адвокатлари унга нисбатан бўлган суд жараёнларини бошқа вилоятда кўриб чиқишни сўраган, аммо Олий суд бу аризаларни инобатга олмаган.

Чўян Маматқулов 2012 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовни судга бериши ортидан 8 та оғир модда билан айбланиб, 10 йилга қамалган эди. Унинг жазонинг катта қисми Жаслиқда ўтган — Каримов даврида сиёсий маҳбуслар учун рамзга айланган қамоқхонада.

2018 йилда, мамлакатдаги сиёсий ислоҳотлар фонида, Маматқулов муддатидан аввал озод қилинган ва кейинчалик оқланган. У ўз ҳаётини қайта тўғрилашга ҳаракат қилган, давлат унга 60 миллион сўм компенсация тўлаган. Бироқ, тақдир унга яна қамоқ эшикларини очди.

“Қарийб 7 йиллик қамоқ уни тоблаган, ишлари яхши кетган эди… Аммо тақдир экан”, — дейди “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.

Маматқуловнинг ҳибсга олиниши Ўзбекистонда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизими ислоҳ қилинаётганига қарамай, сиёсий ўтмиши бор шахслар ҳали ҳам таҳдид остида эканини кўрсатмоқда.

    Бошқа янгиликлар