Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 24 июль куни 68 ёшни қаршилади. Ушбу сана нафақат мамлакатда, балки халқаро майдонда ҳам эътибор марказида бўлди. Давлат раҳбарининг туғилган куни муносабати билан қатор давлатлар етакчилари томонидан самимий табриклар йўлланди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятида ютуқлар тилади. Путин ўз табригида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шерикликни юқори баҳолаб, бу йўналишдаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов эса ўз табригида Мирзиёевнинг доно раҳбарлик салоҳиятини алоҳида таъкидлаб, Ўзбекистоннинг ютуқларида унинг сиёсий қарашлари ва лидерлик фазилатлари муҳим роль ўйнаётганини таъкидлади.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпин ҳам ўз навбатида Ўзбекистон Президентига табрик йўллар экан, икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларига эътибор қаратди. У Мирзиёевнинг ШҲТ Тянсзин саммитидаги фаол иштирокини юқори баҳолаб, бу минтақавий тинчлик ва тараққиёт йўлидаги муҳим қадам бўлганини таъкидлади.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тўқаев ва Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон ҳам Ўзбекистон Президентини чин дилдан табриклаб, минтақавий барқарорлик йўлида у билан бирга ишлашдан мамнун эканликларини билдиришди.
Ўзбекистон раҳбари – халқ ишончига сазовор лидер
Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги йиллар Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига қадам қўйган даври сифатида тарихда муҳрланмоқда. Давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг мурожаатларига очиқлик, иқтисодий ислоҳотлар, ташқи сиёсатдаги фаол дипломатия – буларнинг барчаси халқаро ҳамжамият эътиборини тортмоқда.
Шу маънода, давлат раҳбарининг туғилган кунини нишонлаш оддий сана эмас. Бу — халқ томонидан тан олинган раҳбарнинг фидойилиги, тинимсиз меҳнати ва янгилик сари интилиши эътироф этиладиган кун.