АсосийДунё

Америкалик республикачи илк бор Ғазодаги вазиятни “геноцид” деб атади

Бу баёнот билан у Исроилни шартсиз қўллаб-қувватлаб келаётган ўз партиядошларига очиқ қарши чиқди.

'Америкалик республикачи илк бор Ғазодаги вазиятни “геноцид” деб атади'ning rasmi

АҚШ Конгресси аъзоси, республикачи Маржори Тейлор Грин Ғазодаги вазиятни “геноцид”деб атаган илк республикачи бўлди. Бу ҳақда у душанба куни ижтимоий тармоқдаги баёнотида айтиб ўтди.

“7-октабрда Исроилда юз берган воқеалар даҳшатли эди, гаровдагилар озод қилиниши керак. Аммо Ғазодаги геноцид, гуманитар инқироз ва очлик ҳам шунчалик ваҳимали”, — деди Грин.

Бу баёнот билан у Исроилни шартсиз қўллаб-қувватлаб келаётган ўз партиядошларига очиқ қарши чиқди.

Унинг сўзлари айниқса Флорида штатидан конгрессмен Ренди Файнга жавоб сифатида баҳоланмоқда. Файнга ўтган ҳафта Ғазодаги оч болалар тасвирларини “мусулмонларнинг террор тарғиботи” деб атагани учун танқидлар ёғилганди.

Маржори Грин аввалроқ Ғазодаги шароитни танқид қилган демократларни қоралашга чақирган эди. Энди эса ўзи Исроилнинг ҳаракатларини танқид қилмоқда.

    Бошқа янгиликлар