Шу кунларда AҚШ сиёсий саҳнасида ўткир сюжетли спектакл билан таққосланадиган драма юз бермоқда: амалдаги президент Дональд Трамп собиқ президент Барак Обамани гўёки ошкор этилган ҳужжатларга асосланиб давлатга “хиёнатда” айбламоқда... Ва бу Трампнинг ўтмиши танқид ҳужумига учраган бир паллада юз бермоқда. Буни шунчаки можаро эмас, ҳақиқат ва ёлғон чегаралари хиралашган замонавий популизмнинг кўзгуси, дейиш мумкин.
Воқеалар ривожи
Трампнинг маслакдоши, АҚШ Миллий разведка хизмати директори Тулси Габбард 2020 йилги ҳисоботни эълон қилди ва уни Трампга қарши тўқилган "фитна" асоси деб атади. У Обама маъмурияти гўёки Россиянинг 2016 йилги АҚШ президенти сайловларига аралашуви ҳақидаги маълумотларни уйдирма ва сиёсийлаштирганини кўрсатувчи маълумотларни ошкор қилди.
Габбард бу ҳаракатларни “AҚШ тарихидаги энг хавфли сиёсий жиноят” деб атади. Кўп ўтмай, бир даҳшатли ибора янграй бошлади: "Обама ҳибсга олиниши керак. Ва бу тез орада содир бўлади".
“Россия Қўшма Штатлардаги президентлик сайловларини бузиш ниятида ҳам, имкони ҳам йўқ эди”, деган Габбард
Шу билан бирга, CНН телеканали таъкидлаганидек, Тулси Габбарднинг ҳисоботи Россия Ҳиллари Клинтонни обрўсизлантириш кампаниясини олиб бораётгани ва сайловчиларга, жумладан, киберҳужумлар орқали таъсир ўтказишга урингани ҳақидаги олдинги терговларга зид эмас. Ҳеч ким Россия АҚШнинг сайлов инфратузилмасини бузиб киришни хоҳлаётгани ва уларнинг мақсади - овозларни ўғирлаш еканлигини даъво қилмаган, деб хабар беради телеканал.
Лекин Габбарднинг гумони шунчаки баёнот эмас, балки ошкора сиёсий популизм эди. Ёки бўлмаса, Эпштейн можаросини ошкор қиламан, деб сайланган, аммо 8 ойдан бери ҳеч нарса қилмаган Трампдан ғазабланган электорат учун чалғитувчи томошага бўлди. Энг ғалатиси, Эпштейн можаросида Трампнинг ҳам аралашгани борасида шубҳалар пайдо бўлди ва бу Трамп тарафдорларининг айримларида амалдаги президентга нисбатан нафрат туйғуларини шакллантирди.
Маълумот учун, Барак Обама AҚШнинг 44-президенти бўлиб, 2009-2017 йилларда 2 муддат давомида бу лавозимни эгаллаган илк қора танли президент ҳисобланади. Обама демократик сиёсатчи сифатида танилиб, 2009 йилда халқаро дипломатияни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Тинчлик учун Нобел мукофотига сазовор бўлган.
Нима бўлганда ҳам Трамп маслакдошининг Обама борасидаги ваҳимасини байроқ қилиб кўтариб чопа бошлади. Жорий йилнинг 25 июлида у Обамани “хоинлар тўдабошиси” деб атади, Обамани фирибгарликда ва давлат “тўнтаришига уриниш”да айблади. Трамп собиқ президент Барак Обама ва унинг маъмурияти “2016-йилги сайлов натижаларини бекор қилишга” уриниб, давлатга хиёнат қилганини расман эълон қилди. Бунга асос бўлиб, Трампнинг сўзларига кўра, “халқнинг сайланган президентига қарши элита ва хавфсизлик кучларининг фитнасини тасдиқловчи” махфий маълумотларга оид ҳужжатлари бунга асос бўлган эмиш.
Гап шундаки, 2016 йилги сайловларда Трамп демократлар номзоди Ҳиллари Клинтон билан Оқ Уй учун курашганида, Россия ўзига мақбул номзод Трамп сайланиши учун киберҳужумлар, фейклар тарқатиш бир қатор ноқонуний усуллар билан Клинтон хонимга қарши хуфёна кураш олиб борган деган тахминлар мавжуд. Бу эса Америка халқи орасида “сайловлар адолатсиз ўтди, Трамп Кремл ёрдамида ғалаба қозонди” деган кайфиятни туғдиргани ва кўп миллионли норозилик намойишларига сабаб бўлгани айтилади.
Бироқ, Трамп маъмурияти орадан деярли 10 йил ўтиб, бу можарони эслаб қолгани ғалати. Аслини олганда, Трамп президент бўлишидан аввалги ва президентлик давридаги баёнотларида барча муаммолар учун фақат ўзидан аввалги демократ президент Жо Байденни айблаб келиши анъана бўлиб қолди. “Агар Байден фалон ишни қилмаганида, ҳозир шундай бўлмас эди”, “Агар мен Байденнинг ўрнида бўлганимда, фалон можаро ёки муаммо юз бермас эди” дейиш Трамп учун одатга айланган. Лекин АҚШ ва жаҳондаги муаммолар, айниқса хоинлик каби жиддий айбловлар объекти сифатида Барак Обаманинг танланиши биринчи марта юз бермоқда.
Обама офисининг жавоби
Aлбатта, собиқ президент Барак Обама офиси бу можаро ва кескин баёнотларни сукут сақлаш билан қарши олмади. Улар Трамп маъмуриятининг мазкур баёнотларини халқни "чалғитишга заиф уриниш", "асоссиз" ва "ишончли эмас" деб аташди.
"Президент ҳокимиятини ҳурмат қилганимиз учун, биз одатда Оқ уйдан келаётган доимий бемаънилик ва ёлғон маълумотларнинг ҳаммасига жавоб қайтаришни ўзимизга эп кўрмаймиз. Лекин охирги баёнотлар шу қадар ғазабланарлики, улар жавобга лойиқдир", - деди Барак Обаманинг матбуот котиби Патрик Роденбуш. "Бу ғалати даъволар кулгили... Ҳужжатдаги ҳеч нарса Россия 2016 йилги президентлик сайловларига таъсир ўтказишга урингани ҳақидаги кенг тарқалган хулосага қарши эмас", - деган матбуот котиби.
Россия масаласи ва Мюллер иши
Россиянинг 2016 йилги сайловларга аралашуви ҳақидаги можаро узоқ вақтдан бери Aмерика медиасидаги марказий мавзулардан бири бўлиб келган. Махсус прокурор Роберт Мюллер ўтказган суриштирув Россиянинг АҚШдаги президент сайловларига таъсир ўтказишга уринганини тасдиқлади, бироқ Трамп ва Кремл ўртасида тўғридан-тўғри тил бириктирилганига ҳеч қандай далил топилмади.
Энди, орадан бир неча йил ўтгач, Трамп яна ўша мавзуга қайтиб, уни янги сценарийга мослаштиришга ҳаракат қилмоқда. У эндиликда ФҚБ, разведка хизматлари ёки демократларни айбламаяпти, балки Обаманинг шахсан ўзини – либерал Aмерика ва Трамп дунёсининг қарама-қарши тимсолига айланган шахсни хоинлик жиноятида айбламоқда.
Aммо экспертларнинг таъкидлашича, илгари Сенат ва разведка идоралари томонидан олиб борилган холис текширувлар Россия сайлов натижаларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилганини тасдиқлади. Лекин Кремл қўли айнан сайловчиларнинг овоз беришига бевосита таъсир кўрсатгани борасида далиллар топилмади.
Нега айнан ҳозир эслаб қолишди?
Ҳозирги вазият жуда шубҳали. Яқинда Трампнинг ўзи миллиардер педофил, қамоқда ўлиб қолган Жеффри Эпштейн иши, шунингдек, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва адолатга тўсқинлик қилиш ҳолатлари билан боғлиқ жанжалнинг янги тўлқинига аралашиб қолган эди. Унинг жамоаси - ҳозир эса расмий маъмурият кўпроқ “кўзгу” усулини қўллаяпти: яъни "Aгар сизни айблашса, омма ғазабини бошқа машҳур душманга йўналтириб юборинг", қабилида иш тутмоқда.
Бундан ташқари, Обамага оид суриштирув, ҳатто рамзий бўлса ҳам, ўнг қанот електоратини сафарбар қилиш, ОАВларни Трампнинг ички муаммоларидан чалғитиш, бутун либерал сиёсий элитанинг обрўсига путур етказиш, Трампнинг 2025 йилда Оқ уйга қайтишини “адолатни тиклаш” сифатида қонунийлаштиришга қаратилгани айтилмоқда.
Шунингдек, Трамп маъмурияти бу масалани кавлаштириш орқали демократ партия лагерига зарба беришга уриняпти. Бу эса 2028-йилги президент сайловлари олдидан либераллар позициясини заифлаштиришга хизмат қилиши мумкин.
Қонун нима дейди?
Ҳуқуқий нуқтаи назардан, хиёнат айблови уруш пайтида душман билан ҳамкорлик қилишнинг исботланган фактини талаб қилади. Бу AҚШ Конституциясида тасвирланган ўзига хос айбловдир: бу айблов исботланса ўлим жазоси берилади. Бу айбловнинг оғирлиги шунчалик каттаки, бутун мамлакат тарихида фақат бир неча киши ватанга хиёнатда айбланган. Лекин бирорта ҳам собиқ президент шаънига бундай айблов тақалмаган.
Шундай қилиб, ҳақиқий суд нуқтаи назаридан, Обаманинг ҳибсга олиниши соф сиёсий фантазияга ўхшайди. Бироқ, популизм, институтларга ишонч инқирози ва ОАВларга ишончсизлик кучайиб бораётган шароитда ҳатто асоссиз айблов ҳам бузғунчи рол ўйнаши, катта ижтиомий-сиёсий инқирозга сабаб бўлиши мумкин.
Демак, қанча кўп айбловлар айтилмасин, Обаманинг “ватанга хиёнат”да айбланишининг қонуний эҳтимоли нолга яқин. AҚШ Конституцияси бундай айбловларни сиёсий келишмовчиликлар билан эмас, балки фақат мамлакатга қарши реал ҳаракатлар билан белгилайди. Бундан ташқари, аввалги суриштирувлар Россия аралашувини тасдиқлаган.
Келажакка нигоҳ
Aгар Трамп популистик баёнотлардан - амалий чораларга ўтса, Aдлия вазирлиги махсус гуруҳ тузади ва назарий жиҳатдан тергов бошлаши мумкин. Aммо ҳақиқий жиноий суд жараёнининг истиқболи даргумон.
Нима бўлганда ҳам, Трампнинг баёнотига муносабат мамлакатни икки лагерга бўлиб қўйди. Трамп тарафдорлари “Ниҳоят, кимдир ҳақиқатни айтди!” дея чапак чалишмоқда. Обама тарафдорлари - ва шунчаки мўътадил қатламлар эса "Бу ҳуқуқий тизимнинг интиҳоси” дея бош чайқашмоқда.
Баъзи америкалик профессорлар, жумладан, Йел ва Гарвард ҳуқуқшунослари буни "шоу-бизнес қонунлари бўйича ҳуқуқшуносликни қайта кўриб чиқиш" ва Трампнинг риторикасининг худди ўзи, яъни "президентлик дастури эмас, ТикТок алгоритми" деб аташган.
Прогнозлар
Қисқа муддатли истиқболда можаро ижтимоий-сиёсий инқирознинг янги босқичига сабаб бўлади. Эпштейн можаросидан омма эътиборини чалғитмоқчи бўлган Трамп электоратни янада иккига бўлиб бориши мумкин.
Ўрта муддатли истиқболда бу масала мантқиий якун топмаслиги ва янгиилклар кун тартибидан тушиб, халқ эсидан чиқа бошлаши мумкин. Бироқ барибир длоғ қолади. Яъни айрим одамлар “далиллар йўқ бўлса ҳам, балки бу рост бўлсачи” деган шубҳаларни сақлаб қолади.
Қайд этиш жоиз, 25 июл куни Трамп AҚШ Олий судининг “президентлик дахлсизлиги” борасидаги позицияси туфайли Обама, эҳтимол, Россиянинг сайловларга аралашуви ҳақидаги уйдирма айбловлар учун жавобгарликдан қутулиб қолиши мумкинлигини айтди.
"Бу унга катта ёрдам берса керак... лекин унинг атрофидаги одамларга умуман ёрдам бермайди. У жиноий ҳаракатлар қилган, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ, лекин унинг дахлсизлик сиёсий иммунитети бор ва бу унга қўл келса керак", деган Трамп. Оқ уй матбуот котиби Керолин Левиттнинг айтишича, AҚШ президенти Доналд Трамп 2016 йилги сайловларда “Россия қўли бўлган” деган назариясини яратганларни жазолашга жиддий киришган.
Якуний сўз
Трамп ва Обама иши шунчаки ички сиёсий кураш эмас. Бу парчаланиш даврининг аломати бўлиши мумкин. Бугун АҚШда ҳақиқат ҳиссиёт билан, суд жараёни твитлар, айблов эса лайклар билан алмаштирилаётганининг далили бўлиши мумкин. Aмерика ўзининг тарихий адолат ва қонунпарварлик компасини йўқотмоқда. Ёки бу компас бузилган ва нотўғри ишлай бошлади.
"Буюк халқлар ташқи душманлар томонидан эмас, балки ичкаридаги ўзаро нафрат туфайли йўқ қилинади", деб ёзган эди бир файласуф. Aфтидан, Трамп каби сиёсатчига куни қолган бугунги Америкада ушбу ҳикматли сўз ҳар қачонгидан ҳам даҳшатлироқ туюлаётгани бежиз эмас.
Абдуллоҳ Саййид