Тожикистон ҳукумати фолбин ва сеҳргарлар хизматидан фойдаланган фуқароларга 475 долларгача жарима жорий қилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг Душанбе бўйича бошқармаси.
Маълум қилинишича, Бу хизматларга мурожаат қилган фуқаролар 3750 сомоний (396 доллар атрофида)дан 4500 сомоний (475 доллар атрофида)гача жаримага тортилиши мумкин.
Тожикистоннинг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексига тузатишлар 31 июль куни кучга кирганди, бироқ бу ҳақда эндигина маълум бўлди, дея аниқлик киритмоқда ASIA-Плюс.
Сўнгги бир йил ичида Тожикистон расмийлари фолбин ва сеҳргарлар ҳамда уларнинг мижозларига қарши курашни кучайтирган. 2024 йилнинг ёзида Тожикистон Ички ишлар вазирлиги фолбин ва сеҳргарларга бораётган шахслар органлар томонидан чақиртирилиши, шунингдек, уларнинг исмлари ва фотосуратларини идоранинг маълумотлар базасига киритилиши ҳақида огоҳлантириш берганди.
Ўшанда мамлакат расмийлари «бу чора-тадбирнинг мақсади хурофот, фолбинлар ва сеҳргарлар хизматидан фойдаланишнинг олдини олиш эканини, чунки баъзи фуқаролар уларга мурожаат қилиб, сеҳр-жоду ва афсунгарликнинг тарқалишига ҳисса қўшишини» айтган, деб ёзди ASIA-Плюс.
Шунингдек, Тожикистонда фолбинлик ва сеҳргарлик билан шуғулланганлик учун жазо кучайтирилган. Парламент бундай хизматлар учун жаримани қарийб 800 долларгача оширди ва 10 кундан 15 кунгача маъмурий қамоққа олишни жорий қилди. Агар такроран содир этилса, бу каттароқ жарима ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Маълумот учун, мамлакатда 2025 йилнинг илк 6 ойида сеҳргарлик ва фолбинлик билан шуғулланишнинг 495 та ҳолати аниқланган.