Тошкент шаҳрида ноқонуний крипто-активлар айланмаси билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда “Киберхавфсизлик маркази” ДУК матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, гуруҳ аъзолари Desent платформаси орқали криптовалютадан фойдаланиб, хорижий букмекерлик компаниялари билан ҳамкорликда 180 миллиард сўмдан ортиқ маблағларни ноқонуний тарзда қонунийлаштиришга ҳаракат қилган.
Яшнобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчилар қўлга олинди. Текширув пайтида улардан 38 та мобил телефон, мингга яқин пластик карта ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси асосида иш қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тегишли идоралар фуқароларни ноқонуний криптовалюта операцияларидан огоҳ бўлишга чақирмоқда.