Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан мамлакатнинг бир нечта ҳудудида ўтказилган тадбирларда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Қарши шаҳри: Фуқаролардан бири — Ф.Х. томонидан компьютер ўйинлари маркази фаолият юритаётган бинода электр тармоқларига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри уланиш ҳолати аниқланиб, жами 207,6 млн сўмлик электр энергияси ноқонуний сарфлангани маълум бўлди.
Марғилон шаҳри: Терговга қадар ўтказилган текширувда фуқаро М.С. “Роҳат” МФЙ ҳудудида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасида табиий газ тармоқларига рухсатсиз уланиб, 117,9 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Нукус шаҳри: “И.Р.” МЧЖ масъул шахслари “Ёшлар истироҳат боғи” қурилишида электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб, 106,8 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани фош этилган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.