Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Сардор Умрзоқов бошчилигидаги делегация Иордания подшоҳи Абдулла II билан музокаралар ўтказди. Учрашув икки давлат ўртасидаги стратегик алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди.
Ташриф давомида томонлар ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатларни юқори баҳолаб, савдо, сармоя, соғлиқни сақлаш, таълим ҳамда туризм йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этди.
Делегация, шунингдек, Иордания қироллигининг диний ва ташқи сиёсий доиралари вакиллари билан ҳам алоҳида учрашувлар ўтказди. Бу сафар Президент Шавкат Мирзиёев ва Подшоҳ Абдулла II ўртасида август ойида Тошкентда эришилган келишувларни амалий босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.