АсосийСиёсат

Мирзиёев Тоқаевни мукофотлади

Шундан сўнг Қозоғистон билан стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли келишувлар тўплами имзоланди.

'Мирзиёев Тоқаевни мукофотлади'ning rasmi

Кўксарой қароргоҳида Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев мукофотни топширар экан, Қозоғистон Республикаси Президентининг икки қардош халқ ўртасида дўстлик, яқин қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги улкан шахсий хизматларини алоҳида қайд этди.

Қозоғистон Президенти давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистон халқига бундай юксак мукофот учун миннатдорлик билдирди ҳамда қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва иттифоқчилик руҳидаги муносабатлар янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

Шундан сўнг Қозоғистон билан стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли келишувлар тўплами имзоланди

Самарали музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қўшма баёнот имзоладилар.

Шунингдек, давлат раҳбарлари Олий Давлатлараро кенгашнинг геология, нодир ер металларини қазиб олиш, трансчегаравий дарёлар оқимини прогноз қилиш бўйича икки томонлама ишчи гуруҳларни тузиш ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлари раҳбарларининг кенгашини тузиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилдилар.

Ташриф давомида яна бир қатор ҳужжатлар имзоланди, жумладан:

– Трансчегаравий сув обектларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги битим;

– Божхона хизмати ваколатхоналарини очиш тўғрисидаги битим;

– Чегараолди ҳудудларда ерусти радио хизматлари томонидан фуқаролик мақсадларида фойдаланиладиган радиочастоталарни ўзлаштиришни мувофиқлаштириш тўғрисидаги битим;

– Қўшма ҳарбий ўқувларни ўтказиш тўғрисидаги битим;

– Қўшма инвестиция платформасини яратиш тўғрисидаги ҳадли битим;

– 2026-2027 йилларга мўлжалланган туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма ҳаракатлар режаси;

– Адлия вазирликлари ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;

– Тоғ-кон саноатида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум;

– Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ва “Ассамблея жастари” жамоат бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум;

– Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида ўзаро англашув меморандуми;

– Тиббий суғурта жамғармалари ўртасида ўзаро англашув меморандуми;

– Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Остона шаҳар ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик битими;

– “Ўзбекнефтгаз” ва “Казмунайгаз” акциядорлик жамиятлари ўртасида ҳамкорлик битими.

    Бошқа янгиликлар