Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида қўлбола иситиш печининг ноқонуний уланиши оқибатида юзага келган ис газидан заҳарланиш натижасида уч киши вафот этди.
Туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилишича, фожиа 13 декабрь куни Хўжайли туманининг “Саманкўл” ОФЙ Қамисшоли аҳоли пункти Фахрийлар кўчасида жойлашган ижарадаги уйда содир бўлган.
Қайд этилишича, ушбу уйда яшаб келган фуқаро A.Ж. хонадонни иситиш мақсадида қўлбола иситиш печини ўзбошимчалик билан бошқа хонага кўчириб, уни мўрисиз ҳолда газ тармоғига ноқонуний улаган.
Оқибатда хона ичида газ ёниши натижасида ҳосил бўлган тутун — ис гази тўпланиб, фуқаро A.Ж. ва унинг икки нафар набираси заҳарланган. Натижада 2011 йилда туғилган A.С. (8-синф ўқувчиси), 2015 йилда туғилган A.Қ. (4-синф ўқувчиси) ҳамда фуқаро A.Ж. воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
Маълум қилинишича, туман ҳокимлиги томонидан марҳумларнинг оила аъзоларига ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳодиса юзасидан ҳозирда терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.






