Президент матбуот хизматининг “пойтахтга келаётган меҳмонлар автомобилини шаҳарга киришда қолдириб, тез ва хавфсиз жамоат транспортида ҳаракатланиши мумкин бўлади”, деган хабари айрим ОАВларда ва ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинмоқда. Ушбу хабарларга darakchi.uz аниқлик киритди.
Маълум қилинишича, пойтахтга кириш нуқталарида ташкил этилаётган тураргоҳлар меҳмонларга шаҳарга киришни чеклаш ёки автомобиль ҳаракатини тақиқлашни назарда тутмайди.
Мазкур тураргоҳлар Тошкентга келаётган фуқаролар учун қўшимча ихтиёрий танлов ва қулайлик сифатида жорий этилмоқда. Яъни, ҳайдовчилар ўз истагига кўра автомобилини ушбу жойларда қолдириб, қулай жамоат транспорти орқали ҳаракатланиш имкониятига эга бўлади.
Бундай ечимлар дунёнинг йирик шаҳарларида кенг қўлланилаётган амалиёт сифатида фуқароларга қўшимча қулайлик кўринишида таклиф этилади.
Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда келаси йили пойтахтга киришдаги 2 та назорат пости шаҳар ташқарисига кўчиши, 3 таси реконструкция қилиниши айтилган. Бу ерларда камида 3,5 мингта юк ва 5,5 мингта енгил автомобиль учун тураргоҳлар ҳамда аҳоли учун кемпинглар барпо этилади.
Асосийси, бу нуқталарга жамоат транспорти тармоғи боғланади. Пойтахтга келаётган меҳмонлар автомобилини шу ерда қолдириб, тез ва хавфсиз жамоат транспортида ҳаракатланиши мумкин бўлади.






