Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 20 январь куни Миллий қурултойдаги нутқи давомида мамлакатда вице-президент лавозими жорий этилишини эълон қилди. Бу ҳақда “Nur Kazakhstan” хабар берди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, вице-президент президент томонидан парламент розилиги билан тайинланади. Янги лавозим эгаси президент топшириғига биноан халқаро форумларда ва хорижий делегациялар билан музокараларда Қозоғистон манфаатларини ифодалаши, парламентда президент позициясини ҳимоя қилиши ҳамда маҳаллий ва қўшма ижтимоий-сиёсий, илмий, маданий ва таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, вице-президент давлат раҳбари томонидан берилган бошқа топшириқларни ҳам бажаради.
Президентнинг сўзларига кўра, вице-президентнинг хизмат ваколатларига оид ушбу қоидалар мамлакат Конституциясида ўз аксини топиши лозим.
Янги лавозим жорий этилиши муносабати билан бошқарув тизимида қатор ўзгаришлар ҳам режалаштирилган. Хусусан, давлат маслаҳатчиси лавозими тугатилади, шунингдек, парламент фаолиятини таъминловчи айрим аппарат тузилмаларини қисқартириш кўзда тутилмоқда.






