Қайд этилишича, Қаллибек Камолов 1926 йил 18 мартда Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида туғилган. 1955 йилда Нукус давлат университетини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар қўмитаси котиби, Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раиси каби лавозимларда ишлаган.
Шунингдек, у коммунал хўжалиги вазири, йўл транспорти ва автомобиль йўллари вазири, партия қўмитаси котиби вазифаларида фаолият юритган. 1959–1963 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, 1963–1984 йилларда эса партия қўмитасининг биринчи котиби сифатида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган.
Таъзия хатида таъкидланишича, Қаллибек Камолов бой тажрибаси, юксак инсоний фазилатлари ва Ватанга садоқати билан эл-юрт қалбидан чуқур жой олган. Унинг раҳбарлигида Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги, саноат ва ишлаб чиқариш соҳалари ривожлантирилган, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилган.
Сўнгги йилларда у Қорақалпоғистон Республикаси нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси сифатида фаолият юритиб, кексаларни қўллаб-қувватлаш ва ёшларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларида фаол иштирок этган.
Қаллибек Камолов давлат ва халқ олдидаги хизматлари учун “Шуҳрат” медали ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.






