Бугун, 16 февраль куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасида қатор кадрлар ўзгариши амалга оширилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Транспорт ва коммуникация вазири Абсаттар Сирғабоев, Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири Медер Машиев ва Фавқулодда вазиятлар вазири Бообек Ажикeев эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Бўшаган лавозимларга вақтинчалик раҳбарлар тайинланган: Транспорт ва коммуникация вазири вазифасини Талантбек Солтобаев, Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири вазифасини Ақил Токтобаев, Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини Урматбек Шамирканов бажариши белгиланган. Улар парламент – Жогорку Кенеш томонидан тасдиқлангач, расман лавозимга тайинланади.
Ҳозирча бу қарорлар сабаби расман очиқланмаган. Эслатиб ўтамиз, 10 февраль куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев лавозимидан озод қилинган ва унинг ортидан қатор биринчи ўринбосарлар ва марказ директорлари ҳам ишдан олинган эди. Шу куни Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан ҳам чиқарилган.






