“Андижон девзира оши” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, мазкур миллий таом асрлар давомида шаклланган ошпазлик анъаналари, ўзига хос тайёрланиш усули ва бетакрор таъми билан ажралиб туради. “Андижон девзира оши” асосан Фарғона водийсида етиштириладиган машҳур девзира гуручидан тайёрланади.
Таъкидланишича, девзира гуручи қизғиш тусли, зич ва сифатли доналари билан ажралиб туради. Шу боис ушбу гуручдан тайёрланган ош ўзига хос таъм, хушбўйлик ва дона-доналиги билан қадрланади.
Агентлик маълумотига кўра, географик кўрсаткич мақомининг берилиши “Андижон девзира оши” номи ҳамда унинг анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш, маҳсулотнинг ўзига хос хусусиятларини сақлаш ва сифат кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур мақом Андижон вилоятининг гастрономик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, миллий брендларни ривожлантириш, туризмни қўллаб-қувватлаш ва ўзбек ошпазлик маданиятини халқаро майдонда оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилган.
Маълумот учун, географик кўрсаткич маҳсулотнинг муайян ҳудуд билан боғлиқлигини ҳамда унинг сифати, нуфузи ва ўзига хос хусусиятлари айнан шу ҳудуднинг табиий ва ижтимоий омиллари билан узвий боғлиқ эканини тасдиқловчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал “Софи оши”, “Ғиждувон шашлик”, “Ғузор тандир гўшти”, “Самарқанд нони”, “Хоразм тухумбараги”, “Андижон дўпписи”, “Сўқоқ сомсаси”, “Самарқанд нўхат шўраги”, “Самарқанд қоғози’, “Зомин қозон патири” ва “Балиқ қарма” ҳам географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган.






