АсосийБУ ҚИЗИҚ

Тошкентликлар энг кўп қайси соҳада ишлаяпти?

Статистика очиқланди.

'Тошкентликлар энг кўп қайси соҳада ишлаяпти?'ning rasmi

Тошкент шаҳрида банд аҳолининг энг катта қисми улгуржи ва чакана савдо соҳасида меҳнат қилмоқда. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Қайд этилишича, 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, пойтахтда мазкур тармоқда 241,6 минг нафар аҳоли банд. Бу кўрсаткич иқтисодий фаолият турлари орасида энг юқори ҳисобланади.

Шунингдек, ишлаб чиқариш саноатида 188,9 минг, қурилиш соҳасида 161,2 минг, таълим тизимида эса 139,4 минг киши фаолият юритмоқда.

Давлат бошқаруви ва мудофаа, шунингдек мажбурий ижтимоий таъминот соҳасида 118,6 минг нафар аҳоли меҳнат қилса, ташиш ва сақлаш тармоғида бандлар сони 103,1 минг кишини ташкил этган.

Бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш соҳасида 96,2 минг, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар йўналишида 79,1 минг, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 77,1 минг киши ишламоқда.

Профессионал, илмий ва техник фаолият соҳасида 71,2 минг, ахборот ва алоқа тармоғида 71,1 минг, молиявий ва суғурта фаолиятида эса 43,5 минг нафар аҳоли банд.

Энг кам кўрсаткичлар қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги (5,8 минг киши), электр энергияси, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш (7,7 минг киши), шунингдек сув билан таъминлаш ҳамда чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш соҳаларида (13,5 минг киши) қайд этилган.

Статистик маълумотлар Тошкент шаҳри меҳнат бозорида савдо, саноат ва қурилиш тармоқлари етакчилик қилаётганини кўрсатмоқда.

    Бошқа янгиликлар