Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида БАА вакили давлат раҳбарига мамлакат Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, Бош вазир ва Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум, Вице-президент Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён ҳамда Абу-Даби валиаҳди Шайх Холид бин Муҳаммад Ол Наҳаённинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўрсаткичлари, инвестициялар ҳажми ва қўшма корхоналар сони ортиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида БАА компаниялари иштирокида қатор янги келишувлар имзоланиши кутилаётгани билдирилди.
Учрашувда «яшил» энергетика, ёқилғи ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика, сунъий интеллект, рақамлаштириш ҳамда бошқа истиқболли соҳаларда амалга оширилаётган йирик лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар мазкур йўналишлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва янги инвестиция ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирдилар.






