Украина Қуролли кучлари бугун, 22 июньга ўтар кечаси Россия ҳудудига оммавий дрон ҳужумини амалга оширди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Вазирликка кўра, мамлакатнинг турли ҳудудлари ҳамда денгиз акваториялари узра 300 дан ортиқ учувчисиз учиш аппарати аниқланиб, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан йўқ қилинган.
Қайд этилишича, дронлар Белгород, Брянск, Волгоград, Воронеж, Калуга, Курск, Ростов, Тамбов, Тверь, Тула ва Смоленск вилоятлари, шунингдек, Москва вилояти, Краснодар ўлкаси, Қрим яримороли ҳамда Азов ва Қора денгизлари ҳудудлари узра уриб туширилган.
Москва шаҳри мэри Сергей Собяниннинг маълум қилишича, сутка бошидан бери пойтахт йўналишида ҳаракатланган 59 та дрон йўқ қилинган.
Калуга вилояти губернатори Владислав Шапша эса Бабининский, Боровский, Жуковский, Кировский ва Тарусский туманлари ҳудудида бешта дрон тутиб олинганини билдирган.
Воронеж вилояти раҳбари Александр Гусевнинг маълум қилишича, вилоят осмонида тун давомида 18 та учувчисиз учиш аппарати уриб туширилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Россия қўшинлари Украина пойтахти Киевга кенг кўламли ҳаво ҳужумлари уюштирган эди. Ҳужумлар оқибатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Киев-Печерск лавраси ҳудудида ёнғин чиққан.






