Президент Шавкат Мирзиёев 4 июль куни Сергели туманида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари, савдо ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ҳамда замонавий тиббиёт маркази фаолияти билан танишди.
Давлат раҳбари аввал Итифоқ маҳалласидаги Янги Сергели кўчасини кўздан кечирди. 2,1 километрлик ҳудудда ташкил этилган 24/7 форматидаги савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари аҳолига қўшимча қулайлик яратиб, тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Лойиҳа доирасида 250 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди, кўчада болалар майдончалари, воркаут зоналари ва дам олиш масканлари барпо этилди.

Шундан сўнг Президент Сергели туманидаги Global International Hospital хусусий кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан танишди. 30 миллион доллар инвестиция ҳисобидан барпо этилган марказда йилига 150 мингдан ортиқ беморга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Муассаса замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бу ерда 250 та иш ўрни яратилган.

Президент марказни айрим йўналишлар бўйича таянч тиббиёт муассасасига айлантириш, шифокорлар малакасини ошириш ва илғор тажрибани оммалаштириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, тиббий хизматларни тиббиёт туризми билан уйғунлаштириш, шифохоналар ҳузурида меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.






