Шавкат Мирзиёев Сергели тумани ҳокимлигига ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилаётган рақамлаштириш ва бошқарув тизими билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Ташриф давомида давлат раҳбарига ҳокимликда жорий этилган “ягона дарча” тамойили асосида аҳоли ва тадбиркорларга 30 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилаётгани маълум қилинди. Шунингдек, ички ишлар органларига онлайn мурожаат қилиш имконини берувчи тизим орқали фуқаролар билан видеоалоқа йўлга қўйилгани қайд этилди.
Ҳокимликда ташкил этилган вазиятлар маркази орқали 17 та ахборот тизими ва сунъий интеллект асосида муаммолар таҳлил қилиниб, тезкор ечимлар ишлаб чиқилмоқда. “Ақлли туман” платформаси доирасида 46 та маҳалла ва 25 та мактаб тизимга интеграция қилинаётгани билдирилди.
Шунингдек, “Хавфсиз туман” тизими жамоат тартибини назорат қилишга, “AI Давомат” эса мактабларда давоматни назорат қилиш ва назоратсизлик ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Президент ушбу тизимни Тошкентнинг бошқа туманларида ҳам жорий этиш бўйича топшириқ берди ҳамда таълим, қурилиш, солиқ ва жамоат хавфсизлиги соҳаларида рақамлаштиришни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.






