Ўзбекистонда ёш гуруҳлари кесимида энг катта улушни 0–4 ёшли болалар ташкил этмоқда. Бу ҳақда Статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларида маълум қилинди.
2026 йил 15 январь ҳолатига кўра, мамлакат аҳолиси 39 миллион 47 минг 321 нафарга етган. Шундан 19,76 миллион нафари эркаклар, 19,3 миллион нафари аёллардир.
Ҳисоботга кўра, 0–4 ёшлилар сони 4,6 миллион нафарни ташкил этиб, барча ёш тоифалари орасида энг юқори кўрсаткични қайд этган. Кейинги ўринларда 5–9 ёшлилар — 3,85 миллион нафар, 10–14 ёшлилар эса 3,4 миллион нафар билан жойлашган.
Шунингдек, 15–19 ёшлилар сони 3,15 миллион нафардан, 20–24 ёшлилар эса 2,66 миллион нафардан ошган. 25–29 ёш тоифасида 2,65 миллион, 30–34 ёш тоифасида эса 3,17 миллион нафар аҳоли истиқомат қилиши қайд этилган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп аҳоли Самарқанд вилоятида яшайди. Рўйхатга олиш натижаларига кўра, вилоят аҳолиси 4,4 миллион нафарни ташкил этган. Энг кам аҳоли эса Сирдарё вилоятида қайд этилган бўлиб, у ерда 954,3 минг киши истиқомат қилади.
Аввалроқ Статистика қўмитаси Ўзбекистон аҳолисининг 34,9 миллион нафари, яъни 89,4 фоизи ўзбек миллатига мансуб эканини маълум қилган эди.






