Россия 7 октябрь кунига ўтар кечаси Украинага 130 та дрон ва 48 та қанотли ракета, шунингдек, баллистик ракеталар билан йирик ҳужум уюштирди. Зарбалар оқибатида камида 20 киши, жумладан, болалар ҳалок бўлди. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
Украина ҳаво кучлари 161 та ҳаво нишони уриб туширилганини маълум қилди. Ҳужумлар Киев, Полтава, Днепропетровск ва Харьков вилоятларига қаратилган.
Украина Президенти Владимир Зеленский мазкур ҳужум Россия 2022 йилда уруш бошлаганидан бери амалга оширган энг йирик ҳужумлардан бири бўлганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, зарбаларнинг асосий нишонларидан бири Украина энергетика инфратузилмаси бўлган. Ҳужумлар оқибатида турар жой бинолари, саноат объектлари ва бошқа инфратузилма ҳам зарар кўрган.
Чернигов вилоятининг Прилуки шаҳрида ракета беш қаватли турар жой биносига келиб урилган. Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида 14 киши, жумладан, тўрт нафар бола ҳалок бўлган, 50 киши жароҳатланган.
Киев мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, Дарницкий туманидаги ҳужум оқибатида ёнғин чиқиб, икки киши ҳалок бўлган.
Днепр ва Кременчук шаҳарларида ракеталар кўп қаватли биноларга урилган. Бу ҳудудларда яна икки киши ҳалок бўлган. Александрия шаҳрида эса икки киши вафот этган.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳужумни “йирик зарба” деб атади. Вазирлик маълумотига кўра, Киев ва бошқа ҳудудлардаги ҳарбий-саноат объектлари юқори аниқликдаги ракеталар ва дронлар ёрдамида нишонга олинган.
Россия томони Киевдаги “Фламинго” қанотли ракеталари, шунингдек, ўрта ва узоқ масофага учувчи дронларни ишлаб чиқариш ҳамда сақлаш объектларига ҳам зарба берилганини билдирди. Чернигов, Кировоград, Днепропетровск, Полтава ва Харьков вилоятларидаги объектлар, Одесса вилоятидаги порт ва кемаларни таъмирлаш инфратузилмаси ҳам нишонга олинган.
Украина парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец ҳужумни “террор ҳаракати” деб атади.
Зеленскийнинг айтишича, Украина кучлари ҳам сўнгги 24 соат ичида Россия ҳудудидаги тўртта объектга зарба берган. Улар орасида Пермь, Самара ва Астрахань вилоятларидаги нефть объектлари ҳамда ҳарбий тайёргарлик майдони бор.
Украина томони Қора денгизда ҳам жавоб зарбалари берилганини маълум қилди.






