Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси биринчи халқаро форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозодани қабул қилди.
Учрашув аввалида давлат раҳбари шайхулислом томонидан туҳфа қилинган, Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган «Қардошлик ва иттифоқчиликнинг олий нуқтаси» китоби учун миннатдорлик билдирди.
Суҳбат давомида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, шунингдек, маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Президент икки мамлакат ўртасидаги маданий ва маърифий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, ислом динининг асл инсонпарварлик ғояларини ёшларга замонавий ва тушунарли шаклда етказиш мақсадида рақамли платформалар ҳамда интерактив таълим воситаларидан самарали фойдаланиш, бу йўналишда илмий салоҳиятни бирлаштириш муҳим экани таъкидланди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев мусулмон дунёси илм-фани ва маърифати ривожига қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозодани Ўзбекистон Республикасининг «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлади.






