АсосийСИËСАТ

Ўзбекистон Президенти МДҲ мамлакатлари миллий таомлари фестивалида бўлди

Делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон стенди билан танишгач, фестивалнинг бошқа миллий экспозицияларини ҳам кўздан кечирди.

'Ўзбекистон Президенти МДҲ мамлакатлари миллий таомлари фестивалида бўлди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари делегациялари раҳбарлари билан биргаликда Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида ташкил этилган миллий таомлар фестивалига ташриф буюрди.

Фестивалда тўққиз мамлакат — Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистоннинг пазандачилик анъаналари намойиш этилди.

Ўзбекистон стендида меҳмонларга мамлакатимизнинг турли ҳудудларига хос нон ва пишириқлар, қандолат маҳсулотлари ҳамда қуритилган мевалар тақдим этилди. Шунингдек, новвойликнинг кўп асрлик анъаналари ҳақида маълумот берилди.

Ошпазлар сомсанинг бир неча тури, шунингдек, шивит оши ва тухумбарак каби Хоразм таомларини тайёрлаш ҳамда нон ёпиш жараёнларини намойиш қилди. Ўзбек паловининг турли хиллари ва миллий ошхонамизнинг бошқа таомлари ҳам меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.

Экспозициядан халқ ҳунармандчилиги намуналари ҳам ўрин олди. Риштон, Бухоро, Марғилон ва Самарқанд ҳунармандлари ўз маҳсулотлари ҳамда уларни тайёрлашнинг анъанавий усулларини намойиш қилди.

Миллий куй-қўшиқлар ва рақслар фестивалга байрамона руҳ бағишлади.

Делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон стенди билан танишгач, фестивалнинг бошқа миллий экспозицияларини ҳам кўздан кечирди.

    Бошқа янгиликлар