АсосийСИËСАТ

Мирзиёев ICESCO раҳбари билан учрашди ва уни “Дўстлик” ордени билан тақдирлади

Мулоқот чоғида кейинги йилларда ташкилот билан амалий ҳамкорлик изчил ривожланаётгани қайд этилди.

'Мирзиёев ICESCO раҳбари билан учрашди ва уни “Дўстлик” ордени билан тақдирлади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 10 июль куни Ислом цивилизацияси биринчи халқаро форумида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим бин Муҳаммад ал-Маликни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон билан ICESCO ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида кейинги йилларда ташкилот билан амалий ҳамкорлик изчил ривожланаётгани қайд этилди. Хусусан, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ICESCO кафедраси фаолият юритмоқда. Жорий йил Тошкент шаҳрида ташкилотнинг минтақавий офиси иш бошлади. Шунингдек, февраль ойида Ислом олами маданий мероси қўмитасининг навбатдаги йиғилиши якунлари бўйича Ўзбекистоннинг еттита моддий ва номоддий мерос объекти ICESCO рўйхатига киритилгани таъкидланди.

Томонлар маданий ёдгорликлар ва қадимий қўлёзмаларни реставрация қилиш, муҳофаза этиш ва рақамлаштириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини халқаро медиа платформалари орқали кенг тарғиб қилиш юзасидан ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди. Бу йўналишларда қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунида Президент Шавкат Мирзиёев Салим бин Муҳаммад ал-Маликни халқимизнинг бой маданий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб этишга қўшган шахсий ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти — “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.

    Бошқа янгиликлар