Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған замонавий урушлар табиати тубдан ўзгарганини айтиб, бугунги кунда қуролли тўқнашувлар фақат жанг майдонларида эмас, кибермакон ва ахборот соҳасида ҳам кечаётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, анъанавий урушларда асосий ҳал қилувчи омил кучлар тўпланиши ва ҳарбий платформалар сони бўлган бўлса, бугун технология, ахборот, учувчисиз тизимлар, тезкор қарор қабул қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Эрдўғаннинг қайд этишича, ҳозирги можароларда киберҳужумлар, дезинформация кампаниялари, шунингдек, камикадзе дронлари орқали муҳим инфратузилмалар, электр узатиш тармоқлари ва савдо йўлаклари нишонга олинмоқда.
"Разведка ва реал вақт режимидаги ахборот устунликка эришишнинг муҳим воситасига айланган бугунги шароитда режалаштириш, қўмондонлик ва бошқарув ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда", деди Туркия раҳбари.






