Украина Россиянинг Рязань вилоятидаги “Яндекс” компаниясига тегишли маълумотлар марказига дронлар билан зарба берди. Ҳужум оқибатида ёнғин чиқиб, марказ фаолияти тўлиқ тўхтатилган. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Қайд этилишича, 8 октябрга ўтар кечаси Рязан вилоятининг Сасово шаҳридаги “Саста” ускунасозлик заводи ҳудудида ёнғин юзага келган. Завод ҳудудида “Яндекс”нинг маълумотлар марказларидан бири жойлашган.
“Meduza” гувоҳлар томонидан олинган фото ва видеоларни таҳлил қилиб, ёнғин айнан маълумотлар маркази жойлашган ҳудудда содир бўлганини аниқлаган.
Украинанинг мониторинг Telegram-каналлари ёнғин Украина дронлари ҳужумидан сўнг бошланганини даъво қилган. Россия Мудофаа вазирлиги эса 8 октябрга ўтар кечаси Украина дронлари уриб туширилган ҳудудлар қаторида Рязань вилоятини ҳам қайд этган.
“Яндекс” компанияси ҳам маълумотлар марказига дронлар ҳужум қилганини тасдиқлаган. Компания маълумотига кўра, зарба оқибатида инфратузилманинг бир қисми зарарланган, ёнғин чиққан ва марказ фаолияти тўлиқ тўхтатилган.
“Ҳозирда ҳудуддаги вазият назорат остида, жабрланганлар йўқ. Жамоа ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва зарар кўрган хизматлар фаолиятини тиклаш устида ишламоқда”, дейилади компания баёнотида.
Ҳужумдан сўнг Россиядаги айрим сайтлар ҳам ишламай қолган. “Дождь” нашрининг ёзишича, улар орасида автоматик пост жойлаштириш платформаси “Postmypost” ҳамда “Комсомольская правда” нашрининг Рязан вилоятидаги минтақавий сайти бор.
Маълумотларга кўра, “Яндекс”нинг Сасоводаги маълумотлар маркази 2014 йилда ишга туширилган. У “Саста” заводининг аввалги биноларидан бирида жойлашган.
“Саста” заводи қувур кесиш станокларини ишлаб чиқаради. Корхона маҳсулотларини Россиядаги машинасозлик корхоналарига ҳамда хорижга етказиб беради.






