АсосийДУНË

Лвивда ҳарбий комиссариат автомобили ағдарилди

Тўқнашув иштирокчиларига камера олдида узр сўратилди.

'Лвивда ҳарбий комиссариат автомобили ағдарилди'ning rasmi

Украинанинг Лвив шаҳрида сафарбарлик тадбири вақтида маҳаллий аҳоли билан ҳудудий тўлдириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази (ТЦК) ходимлари ўртасида юз берган тўқнашув оқибатида ҳарбий комиссариатнинг хизмат автомобили ағдариб ташланди. Кейинроқ тартибсизлик иштирокчиларининг айримлари камера қаршисида ҳарбийлардан узр сўрашга мажбур қилинди.

8 июль куни кечқурун Лвивнинг Сихив туманида сафарбарлик тадбири ўтказилаётган вақтда ТЦК ходимлари билан маҳаллий аҳоли ўртасида жанжал келиб чиққан. Маҳаллий нашрлар маълумотига кўра, ҳарбийлар чақирув ёшидаги эркакнинг ҳужжатларини текшираётган пайтда йўловчилар уларнинг ҳаракатларига аралашган. Оғзаки баҳс қисқа вақт ичида оммавий тўқнашувга айланган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда юзлаб одамлар хизмат автомобилини ўраб олиб, «Шармандалик!» дея ҳайқираётгани ва оқибатда уни ағдариб юборгани акс этган.

Лвив вилояти ҳудудий тўлдириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази маълумотига кўра, можаро 1996 йилда туғилган, ҳарбий ҳисоб қоидаларини бузгани учун 12 июндан буён қидирувда бўлган шахснинг ҳужжатларини текшириш чоғида бошланган. Ҳарбийлар уни ушлаб, ТЦК биносига олиб кетган. Шундан кейин бир гуруҳ фуқаро қолган ҳарбийларнинг йўлини тўсиб, хизмат автомобилига зарар етказган ва уни ағдариб юборган.

Ҳодисадан сўнг Украина Қуролли кучлари фахрийси Антон Петровский ҳамда 3-армия корпуси қўмондони ўринбосари Дмитрий Кухарчук тартибсизлик иштирокчилари билан ўтказилган «тарбиявий суҳбат» акс этган видеоларни эълон қилди. Унда бир гуруҳ лвивликлар «ТЦКга шон-шараф!» деб ҳайқираётгани, икки нафар иштирокчи эса қилмишидан узр сўрагани кўринган. Улардан бири Украина Қуролли кучлари сафида хизмат қилишини айтган бўлса, яна бири таътилдаги ҳарбий эканини ва тез орада фронтга қайтишини билдирган.

Прокуратура маълумотига кўра, тўқнашувларда қарийб 200 киши иштирок этган. Ҳодиса оқибатида икки нафар ҳарбий жароҳатланган. Украина Қуролли кучлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимига нисбатан зўравонлик қўллаш моддалари бўйича иккита жиноят иши қўзғатилган.

Тартибсизлик иштирокчиларидан бири — 23 ёшли Олег Гаврилов ҳибсга олинган. Тергов маълумотига кўра, у полиция ходимларидан бирига газ баллончасини сепган ва яна бир полициячини урган. Судда Гаврилов 53-алоҳида механизациялашган бригадада хизмат қилганини, жорий йил февраль ойида ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан тарк этганини айтган. Адвокати эса ҳибсга олиш вақтида унга нисбатан куч ишлатилганини билдирган.

Ҳудудий тўлдириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази воқеа юзасидан хизмат текшируви бошланганини маълум қилди. Унда барча иштирокчилар, жумладан, ҳарбийлар ва полиция ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши айтилди.

Лвивдаги «Захід» нашрининг ёзишича, воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари тўқнашувни четдан кузатиб турган ва хизмат автомобили ағдарилишининг олдини олмаган. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳарбийлардан бири фуқарони ургани акс этган видео ҳам тарқалган. ТЦК мазкур лавҳа воқеанинг тўлиқ манзарасини акс эттирмаслигини ва ундаги ҳаракат ўзини ҳимоя қилиш бўлиши мумкинлигини билдирган.

Украина Президенти Владимир Зеленский ҳодисани «жуда ёмон ҳолат» деб баҳолаб, ҳарбий кийимдаги инсонларга нисбатан бундай муносабатга йўл қўйиб бўлмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, тегишли идоралар воқеа юзасидан текширув олиб бормоқда.

Украина Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларга қилинган ҳужумни қоралаб, бундай ҳолатлардан фақат Россия манфаат кўришини таъкидлади. Шу билан бирга, вазирлик сафарбарлик тизимини амалга ошириш усуллари такомиллаштирилиши лозимлигини ҳам тан олди.

Олий Раданинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитро Лубинец эса ушбу воқеадан кейин мамлакатда сафарбарлик тизимини ислоҳ қилиш зарурлигини билдириб, давлат манфаатлари ва инсон ҳуқуқларини бирдек ҳимоя қиладиган шаффоф ҳамда адолатли қоидалар жорий этилиши лозимлигини таъкидлади.

    Бошқа янгиликлар

    Лвивда ҳарбий комиссариат автомобили ағдарилди - Darakchi.uz