Эроннинг янги Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий АҚШ ва Исроилнинг ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган собиқ Олий раҳбар Али Хоманаий ҳамда бошқа эронликларнинг ўлими учун қасос олинишини маълум қилди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Фарс агентлиги хабар беришича, Мужтабо Хоманаий Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (IRGC) орқали эълон қилинган мурожаатида қасос олиш Эрон халқининг қатъий талаби эканини таъкидлаган.
“Биз сизнинг ва ушбу урушларда ҳалок бўлган барча шаҳидларнинг қони учун жиноятчиларни жазолашга қасамёд қиламиз. Бу қасос халқимизнинг иродасидир ва у албатта амалга ошади”, — дейилади баёнотда.
Унинг таъкидлашича, бу жараён айрим шахслар тақдирига боғлиқ эмас ва Эрон ўз мақсадидан воз кечмайди.
Қайд этилишича, мазкур баёнот Али Хоманаийнинг дафн маросими муносабати билан тайёрланган нутқдан олинган бўлиб, унда Эрон халқининг “шаҳидлар қони учун жавоб бериш”га бўлган қатъияти яна бир бор қайд этилган.
Аввалроқ Эрон расмийлари собиқ Олий раҳбар Али Хоманаий 28 февраль куни АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилган ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилган эди. Шундан сўнг унинг ўғли Мужтабо Хоманаий мамлакатнинг янги Олий раҳбари этиб тайинланган. Али Хоманаий 9 июль куни Машҳад шаҳрида дафн этилган.






