Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

Саммит 8 октябрь куни Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлат раҳбарлари иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев минтақада савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, сув ресурслари, экология, муҳим минераллар, сунъий интеллект ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Хусусан, 2027 йилда Хивада Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун махсус платформа ташкил этиш таклиф қилинди.

Шунингдек, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Кенгаш ташкил этиш ва унинг биринчи йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.
Энергетика соҳасида паст углеродли энергетика салоҳияти бўйича қўшма концепция ишлаб чиқиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “Марказий Осиё тоза ҳавоси” халқаро консорциуми фаолиятини кучайтириш ҳамда муҳим минераллар захираларининг ягона рақамли харитасини яратиш таклиф этилди.

Президент, шунингдек, сунъий интеллект ва катта маълумотлар соҳасида умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратиш ҳамда келажакда талаб юқори бўладиган касб ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди.
Саммит якунида давлат раҳбарлари Қўшма баёнотни қабул қилди ва бир қатор кўп томонлама ҳужжатларни имзолади.






