АҚШда хорижлик талабалар учун 100 минг долларгача тўлов жорий этилиши мумкин
АҚШ Миллий хавфсизлик вазирлиги мамлакатда таҳсил олаётган хорижлик талабаларнинг ўқишдан сўнг ишлаш имконини берувчи дастур учун 100 минг долларгача тўлов жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Таклифга кўра, F-1 визасига эга талабалар учун Қўшимча амалий тайёргарлик (OPT) дастурида дастлабки иштирокни тавсия қилган таълим муассасаси 70 минг доллар тўлаши керак бўлади. Шу талабага нисбатан кейинги OPT тавсиялари учун эса яна 30 минг долларлик тўлов белгиланиши таклиф этилмоқда.
OPT дастури хорижлик талабаларга ўқиш даврида ёки таҳсилни тугатганидан кейин мутахассислигига мос соҳада амалий тажриба орттириш ва ишлаш имконини беради. Фан, технология, муҳандислик ва математика йўналишларида таҳсил олган талабалар учун мазкур дастур доирасида қўшимча муддат ҳам кўзда тутилган.
Ҳозирда OPT дастурида иштирок этиш билан боғлиқ тўлов миқдори тахминан 500 долларни ташкил этади. Янги таклиф эса таълим муассасалари учун харажатларни кескин оширади.
АҚШ Миллий хавфсизлик вазирлиги янги тўловлар OPT дастуридаги фирибгарлик ва суиистеъмолликларнинг олдини олиш, иммиграция тизими яхлитлигини мустаҳкамлаш ҳамда америкалик ходимларни ҳимоя қилишга қаратилганини билдирган.
Мазкур таклиф ҳозирча якуний қарор эмас. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Қоида якуний тасдиқланган тақдирда, уни амалга киритишдан олдин таълим муассасалари, талабалар ва иш берувчиларга тайёргарлик кўриш учун 60 кунлик муддат берилиши режалаштирилган.
Янги тартиб АҚШда таҳсил олаётган хорижлик талабаларнинг ўқишдан кейин мамлакатда ишлаш имкониятларига ҳам таъсир қилиши мумкин. OPT дастури кўплаб хорижлик битирувчилар учун АҚШда, айниқса технология ва бошқа юқори малакали соҳаларда, иш тажрибасига эга бўлиш имконини бериб келади.






