АсосийЖАМИЯТ

Эркинжон Турдимов сирдарёликлар билан хайрлашди

У 2025 йил январь ойида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган, шу йил декабрь ойида эса вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланган.

'Эркинжон Турдимов сирдарёликлар билан хайрлашди'ning rasmi

Сирдарё вилоятининг собиқ ҳокими Эркинжон Турдимов янги вазифага ўтиши муносабати билан сирдарёликларга хайрлашув мактуби йўллади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

“Ҳурматли Президентимизнинг юксак ишончлари билан бошқа вазифада фаолиятимни давом эттириш олдидан сизларга чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва самимий миннатдорлигимни изҳор этаман!” — деб ёзган Турдимов.

Унинг таъкидлашича, бошқа вилоятда туғилиб ўсган бўлса-да, меҳнат фаолиятини Сирдарёда бошлаган. Катта ҳаёт сари илк қадамларини меҳнаткаш ва бағрикенг сирдарёликлар билан бирга ташлаган. Бу ҳудудда кўплаб инсонлардан сабоқ олиб, уларнинг тажрибаси ва маслаҳатларидан фойдаланган.

Турдимов кейинги қарийб икки йил давомида яна сирдарёликлар билан бирга ишлаш имкониятига эга бўлганини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, Президент эътибори туфайли вилоят қиёфаси ўзгариб, саноат ривожланмоқда, аҳолининг турмуш шароити яхшиланиб, келажакка ишончи ортмоқда.

Собиқ ҳоким сирдарёликлар билан елкама-елка ишлаш жараёнида уларнинг меҳнатсеварлиги, фидойилиги ва ватанпарварлигига яна бир бор амин бўлганини билдирган.

“Мен ўзимни Сирдарёнинг ҳам фарзанди деб биламан. Бу элга доимо таъзим қилиб, чексиз ҳурматим ва миннатдорлигимни билдираман! Қаерда, қайси вазифада ишласам ҳам, бу заминни янада обод қилиш, сирдарёликларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга ҳисса қўшишни ўз бурчим деб ҳисоблайман!” — дея таъкидлаган Эркинжон Турдимов.

Маълумот учун, Эркинжон Турдимов 1969 йил 10 июлда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. 1991 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.

У 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг қишлоқда иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2008–2016 йилларда Навоий, 2016–2018 йилларда Сурхондарё, 2018–2024 йилларда эса Самарқанд вилояти ҳокими бўлган.

Турдимов 2006 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2024 йил 24 августда эса “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

У 2025 йил январь ойида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган, шу йил декабрь ойида эса вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланган.

    Бошқа янгиликлар

    Эркинжон Турдимов сирдарёликлар билан хайрлашди - Darakchi.uz