Тошкент шаҳрида Шаҳрисабз кўчасида автобуслар учун алоҳида йўлак — BRT қурилиши муносабати билан 2-, 26-, 37-, 68- ва 93-сонли автобусларнинг ҳаракат йўналиши вақтинча ўзгартирилди. Ўзгаришлар шаҳар марказидан ҳаракатланиш йўналишига тааллуқли.
Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси маълум қилишича, қурилиш ишлари сабаб Шаҳрисабз ва Истиқбол кўчалари кесишмасида чапга бурилиш вақтинча чекланган.
Шу муносабат билан мазкур чорраҳа орқали ҳаракатланувчи автобуслар шаҳар марказидан қатновда Шаҳрисабз, Махтумқули ва С. Азимов кўчалари орқали ҳаракатланади.
Бошқарма ҳудудда транспорт оқими ортиши ва тирбандликлар юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу автобусларни кутиш вақтини узайтириши мумкин.
Зарур ҳолларда автобус йўналишларига қўшимча ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Йўловчилардан сафарларини режалаштиришда мазкур ўзгаришларни инобатга олиш сўралди.






