Сўнгги ярим аср давомида эркаклардаги ўртача тестостерон даражаси сезиларли даражада пасайган. Олимлар бу ҳолат эркаклар репродуктив саломатлиги билан боғлиқ жиддий тенденция бўлиши мумкинлигини билдирмоқда. Бу ҳақда The Guardian Европа инсон репродукцияси ва эмбриологияси жамияти (ESHRE)нинг Лондонда бўлиб ўтган йиллик конгрессида тақдим этилган тадқиқот натижаларига таяниб хабар берди.
Тадқиқотга кўра, 1972–2019 йиллар оралиғида эркакларда умумий тестостерон даражаси ўртача 54 фоизга пасайган. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, бу ҳар йили ўртача 1 фоиздан ортиқ камайиш кузатилганини англатади. Таҳлиллар мазкур тенденция 2000 йилдан кейин янада тезлашганини кўрсатган.
Тадқиқот Исроил, АҚШ, Бразилия, Финляндия ва Данияда ўтказилган олтита узоқ муддатли кузатув натижаларини қамраб олган. Унда 118,5 минг нафардан ортиқ эркакнинг тиббий маълумотлари таҳлил қилинган.
Олимлар фикрича, тестостерон даражасининг пасайишига семизлик ва қандли диабетнинг кенгайиши асосий омиллардан бири бўлиши мумкин. Ортиқча тана вазни тестостероннинг эстроген гормонига айланишини кучайтириб, унинг миқдорини камайтиради.
Шу билан бирга, мутахассислар эндокрин тизимига таъсир қилувчи кимёвий моддалар, ҳаво ифлосланиши, маиший буюмлар таркибидаги айрим зарарли бирикмалар ҳамда иқлим ўзгариши каби экологик омиллар ҳам бу жараёнга таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бироқ ушбу омилларнинг таъсирини аниқлаш учун қўшимча илмий изланишлар талаб этилади.
Исроилдаги Иврит университети профессори Ҳагай Левиннинг таъкидлашича, эркаклар репродуктив саломатлиги умумий соғлиқ ҳолатининг муҳим кўрсаткичларидан бири бўлиб, бу борадаги салбий ўзгаришлар жиддий эътибор талаб қилади.
Мутахассислар тестостерон сперма ишлаб чиқариш, жинсий майл, мушак массаси, суяк мустаҳкамлиги, кайфият, энергия даражаси ва моддалар алмашинувида муҳим ўрин тутишини қайд этмоқда. Шу боис унинг пасайиши нафақат репродуктив саломатликка, балки инсоннинг умумий соғлиғига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Олимлар шунингдек, тестостерон препаратларини шифокор тавсиясисиз қабул қилмасликка чақирган. Уларга кўра, бундай воситалар айрим ҳолларда организмнинг табиий сперма ишлаб чиқариш жараёнини сусайтириши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай гормонал даволаш мутахассис назорати остида амалга оширилиши лозим.






